Вояга етмаган сотувчини қўрқитиб, дўкондаги пулларни ва телефон аппаратини олиб кетган босқинчилар аниқланди
Андижон вилояти. 2023 йил 22 июль куни 56 ёшли С.Н. Олтинкўл тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 16 июль куни соат 00.30 ларда икки нафар номаълум шахс унга тегишли «Меҳнат» МФЙ ҳудудида жойлашган савдо дўконига кириб, дўконда бўлган вояга етмаган 15 ёшли жияни Ж.А.ни қўллари билан уриб, пичоқ билан қўрқитиб, унга тегишли бўлган “Xiaomi” мобил телефони, савдо дўконида бўлган 700.000 сўм пулларини ҳамда қиймати 364.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини талон-торож қилишганлигини маълум қилиб, номаълум шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан қонуний чора кўриб беришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлари натижасида, мазкур жиноятни Андижон шаҳрида яшовчи муқаддам судланган 21 ёшли Э.Ж. ҳамда вояга етмаган 16 ёшли М.И.лар содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Э.Ж. ва М.И.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Муаллиф: Тергов департаменти катта терговчиси
майор С.Бердиев
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти