Усталар ўртасидаги жанжал натижасида таъмирлаш ишлари чўзиладиган бўлди
Тошкент вилояти. Жорий йилнинг 28 март куни соат 00:30 ларда Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи 50 ёшли Д.А. вақтинча устачилик қилиб яшаб келаётган Ангрен шаҳар Ғафур Ғулом кўчасида жойлашган хонадонда шериги Данғара туманида яшовчи 47 ёшли А.У. билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, жуда маст аҳволда ўрталарида келиб чиққан жанжал натижасида, А.Д. шу ерда бўлган шиша синиғи билан А.У.ни бўйин, бел ва қўл соҳаларини кесиб юбориб, тан жароҳати етказган. Натижада А.У. олган тан жароҳатлари билан Ангрен шаҳар Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг бирламчи тиббий маълумотномасига кўра, А.У.да “бошининг сочли соҳасини кўплаб кесилган жароҳати, чап тарафлама бўйин соҳаси пайларининг ва қон томирлари кесилган жароҳати, чап кафт ва қўл соҳасини кесилган жароҳати, чап қўли биринчи бармоғи ҳамда бел соҳасини чуқур кесилган жароҳати” борлиги, ушбу аниқланган жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлган “оғир” турдаги жароҳатлар эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Д.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти