“Malibu” автомашинасидан ноодатий гиёҳванд воситаси аниқланди
Тошкент шаҳар. 2020 йилнинг 12 ноябрь куни соат тахминан 20:30 да Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ходимлари Чилонзор тумани 19-мавзеда хизмат олиб бораётган вақтида “Истанбул” дўкони олдида фуқаро 30 ёшли Ойбек Д., бошқарувидаги “Malibu” русумли автомашинада ўзини шубҳали тутганлиги сабабли унинг ёни ва бошқарувидаги автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина олд йўловчи ўриндиғида полиэтилен пакет ичида кўк рангли кукунсимон модда ва 5 дона ҳар хил рангли пластмасса найчалар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Суд-кимёвий экспертиза хулосасида, фуқаро Ойбек Д.,дан олинган модда таркибида гиёҳванд восита «пирролидиновалерофенон» мавжуд бўлиб, унинг оғирлиги 0,25 граммни ташкил этиши, 5 дона пластмасса найчаларда ҳам “пирролидиновалерофенон» излари борлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ТБ томонидан Ойбек Д.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича Ойбек Д., гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти