Бухорода “наркотик” сотувчиларга суд ҳукми эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди гиёҳванд воситалари билан хилоф равишда муомала қилганлиги учун 45 ёшли Аминжон С. ва 44 ёшли Фурқат М.га нисбатан ҳукм чиқарди.
Бухоро. 2019 йил 15 июль куни тахминан соат 19:00 ларда Бухоро вилояти божхона ва ДХХ бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган “Назорат остида сотиб олиш” тезкор тадбирда, 45 ёшли Аминжон С. Бухоро шаҳар Кунжиқалъа кўчасида соф оғирлиги 4 грам бўлган кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотаётганида, ушланган.
Аминжон С. ушбу гиёҳвандлик воситасини таниши Фурқат М.дан 1.290.000 сўм эвазига сотиб олганлигини маълум қилган. Ўз навбатида Фурқат М. ҳам айбини тан олиб, гиёҳвандлик воситаси учун олган 1.290.000 сўм пулларни ўз хоҳиши билан ходимларга тақдим қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят божхона бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳамда тегишлиги бўйича вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг иш юритувига олинган.
Дастлабки тергов жараёнида Аминжон С. ва Фурқат М.ларга нисбатан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан фуқаролар Фурқат М. ва Аминжон С.лар ушбу жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти