Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Топиб олинган пластик картада сал кам 60 млн. сўм бўлиб чиқди

Тошкент шаҳар. 2022 йил 08 ноябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи 21 ёшли А.А., Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида, жорий йилнинг 07 ноябрь куни унга тегишли бўлган пластик картасидан 58.984.000 сўм миқдоридаги пуллар номаълум шахс томонидан ечиб олинганлигини маълум қилиб, ушбу номаълум шахсларни аниқлашда ва уларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу жиноят опа-сингиллар, 27 ёшли З.Д. ва 18 ёшли З.М.лар томонидан содир этилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан З.Д. ва З.М.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 2-қисми “б” ва “г” бандлари (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида, гумонланувчилар сўроқ қилинганларида, З.Д. мазкур пластик картани узи оператор бўлиб ишлайдиган “Малика” савдо мажмуасида жойлашган дўконидан топиб олганлигини, кейинчалик эса топиб олинган пластик карта тўғрисида ўзининг синглиси З.М.га хабар бериб, биргаликда банкомат олдига бориб, таваккал қилиб пароль тариқасида “7777” рақамини теришганликлари, шу тариқа пластик картани ҳимоя кодини билиб олиб, унда бўлган пулларини ечиб олишганликларини маълум қилишган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, жиноятчиларнинг ишини осонлаштириб, пластик картангизга оддий пароль кўйманг!

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech