Бирданига 5 та уй олиб беришни ваъда қилган фирибгарга жиноят иши қўзғатилди
Самарқанд. Жомбой туманида яшовчи фуқаро 29 ёшли С.М., Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан кам таъминланган оилаларга Самарқанд шаҳар “Обод маскан” маҳалласи Корасув масканида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бераётганлигини айтиб, ўзининг таниши 45 ёшли Ш.М.,га ҳам ушбу жойдан 5 дона уйни кредит шартлари асосида арзон нархда олиб беришини ваъда қилиб, унинг ишончига кириб, 2018 йилнинг декабрь ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар бўлган вақт оралиғида бўлиб-бўлиб жами 16.400 АҚШ долларини олиб, ҳозирги кунга қадар уй олиб бермасдан пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ хузуридаги Тергов бўлими томонидан 29 ёшли С.М.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти