Уйида каннабис парваришлаётган 63 ёшли отахоннинг фаолиятига чек қўйилди
Қашқадарё. 2020 йилнинг 11 сентябрь куни соат 19:00 да Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, 63 ёшли А.Г., нинг яшаш уйи ҳовлиси кўздан кечирилганида, 2 та тахтадан ясалган идишда, 2 та темир челакка ва 5 та елим идишда ҳамда 1.5 м2 майдонида экилган жами 11 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимликлари, шунингдек уларнинг ёнида елим идишларда 25 дона баландлиги 2 см.дан 12 см.гача бўлган каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги ниҳолларини экиб парваришлаб келаётганлиги, шу билан бирга 11 туп ўсимликлардан юлиб олиниб қуритиш учун қоғоз бўлагига ёйиб қўйилган 5.1 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан А.Г.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида А.Г., жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти