50 миллионлик тилла тақинчоқларни ўғирлаган шахс ушланди
Жиззах. 2020 йилнинг 15 сентябрь куни Шароф Рашидов туманида яшовчи 32 ёшли Ю.А., туман ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 2020 йилнинг 14 сентябрь куни соат 08:00 дан 19:00 га қадар уйига номаълум шахс кириб, яшаш хонадони ётоқхонасидаги тортма ичида бўлган умумий қиймати 50 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ўғирлаб кетганлигини маълум қилиб, тилла тақинчоқлар ва номаълум шахсларни топиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида истиқомат қилувчи 35 ёшли фуқаро Т.Р., содир этганлиги аниқланиб, ундан 5 дона тилла узук ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Т.Р., жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибида ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти