Чорва қўйларини ўғирлаган шахс ушланди.
2020 йил 22 февраль куни фуқаро 31 ёшли И.Ю. Нуробод туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2020 йил 18 февраль куни соат 19:00 дан соат 23:00 га қадар бўлган вақт мобайнида номаълум шахс унинг яшаш уйи ҳовлисидаги қўйхонасидан умумий баҳоси 20.200.000 сўмлик 18 бош қўйларини ўғирлаб кетганлигини, номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нуробод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни муқаддам судланган Қашқадарёлик 39 ёшли А.А. содир этганлиги аниқланиб, ундан 17 бош қўйлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган, А.А.,нинг ўзи эса процессуал тартибда ушланган.
Тергов жараёнида А.А.,га нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “б” банди (ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғирлик) билан айб эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти