Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Оғунинг бир йиллик ҳосилни майдалаб сотмоқчи бўлган гуруҳ аъзолари ушланди

Андижон вилояти. 2021 йилнинг 08 январь куни Қўрғонтепа тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро 48 ёшли Давронбек А., жиноий шериги фуқаро 31 ёшли Шерзодбек М., билан бирга тадбирга жалб қилинган шахсга 30,73 грамм миқдорда “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 150.000 сўмга сотган вақтида ушланган.

Шундан сўнг, тадбир давом эттирилиб, Давронбек А.,нинг Қўрғонтепа туман Ижтимоят МФЙда жойлашган яшаш уйида ўтказилган тинтув жараёнида, Давронбек А., келгусида сотиш мақсадини кўзлаб,  уйнинг айвонида турган бир дона полиэтилен челак ичида турган 5 литр ҳажмли жами 5 дона, бир дона 4 литр ҳажмли ва яна бир дона 3 литр ҳажмли полиэтилен идишда қадоқланган ҳолда, жами 7020.78 грамм миқдорда қуруқ ҳолдаги яшил рангли ўткир ҳидли майдаланган ҳолдаги ўсимликсимон модда бўлакларини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида фуқаро Шерзодбек М., дан 50.000 сўм ва Давронбек А., дан эса 100.000 сўм пуллар ҳамда 7020,78 грамм ўсимликсимон модда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.  

Суд-кимёвий экспертизаси хулосасида фуқаро Давронбек А.,дан олинган идишлар ичидаги моддалар таркибида фаол гиёҳвандлик модда “тетрагидроканнабинол” мавжуд бўлиб, бу модда “МАРИХУАНА” деб аталиши, унинг соф оғирлиги 7020.78 граммни ташкил этиши аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўрғонтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Давронбек А., ва Шерзодбек М.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) ва 25,273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, уларга нисбатан юқоридаги моддалар билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech