Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Катта миқдордаги пулларни ўғирлаган шахс ушланди

Фарғона. 2020 йилнинг 26 февраль куни фуқаро М.А., (аёл) Марғилон шаҳар ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида шу куни тахминан соат 09:00 дан 14:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар унинг яшаш хонадонида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, хонадон девори орқали яширин равишда кириб, ётоқхонасидаги темир сейф эшигини бузиб, сейф ичида бўлган жами 40.000 АҚШ доллар ва 293.000.000 сўм пуллар ҳамда 15.000 АҚШ долларлик тилло тақинчоқларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлигини маълум қилиб, ушбу шахсларни аниқлаб уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Марғилон шаҳар ИИБ хузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни Фарғона шаҳрида яшовчи 25 ёшли А.А., содир этганлиги аниқланиб, 03.04.2020 йилда процессуал тартибда ушланган. А.А., гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва ундан ашёвий далил олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech