Кўп миқдорда газ қувурларини талон-торож қилган шахслар ушланди
Қашқадарё. 2020 йилнинг 16 февраль куни Косон туман Тинчлик МФЙ ҳудудидан ўтган, ҳозирги кунда ҳаракатдан тўхтаган газ қувурининг умумий қиймати 84.630.000 сўмлик 806 метр қисми номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3- қисми “в” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида, 84 дона қувурларни Косон туманида яшовчи А.А., ўз бошқарувида бўлган “DAF” русумли юк автомашинасида Самарқанд вилоятига олиб кетаётган вақтида аниқланиб, қувурлар тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган. Давом эттирилган чоралар натижасида, мазкур жиноятни 37 ёшли А.Д. ва 53 ёшли Ш.К., лар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, чилангарлик билан шуғулланувчи 36 ёшли Б.Н., билан келишиб, қувур кесиш аппарати (резак) билан кесишганлиги, 25 ёшли Я.М. ва унинг 9 нафар танишлари кесилган 84 дона газ қувурларини юк автомашинасига юклаганлиги аниқланган. Ҳозирда содир этилган жиноятнинг иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти