Жиззахдаги босқинчилик, ҳайдовчи автомашинани ташлаб, қочиб қутулди
Жиззах вилояти. 2022 йил 22 февраль куни Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 31 ёшли Б.Р. Ғаллаорол туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда шу куни соат 22:30 ларда Самарқанд шаҳар “Улуғбек” автошоҳбекатидан ўзига тегишли бўлган “Cobalt” русумли автоуловига Тошкент шаҳарга олиб бориб қўйиш учун 2 нафар нотаниш йўловчиларни ўтказиб, Ғаллаорол тумани Кўкгумбаз МФЙ ҳудудидан Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётганида, орқа ўриндиқда ўтирган йўловчилардан бири унинг қўлида бўлган ўткир тиғли жисм билан унинг бўйин соҳасига тираган вақтида, автомашина олд ўриндиғида ўтирган йўловчи эса унинг юз ва қорин қисмига муштлаб уриб, автомашинасини тўхтатишини талаб қилишиб, ҳайдовчи Б.Р. уларнинг талабларини бажариб автомашинани йўлнинг қатнов қисмига тўхтатиб, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетганлигини, номаълум шахслар эса автоулов салонида бўлган курткасини ҳамда ички чўнтагида бўлган 1.200 АҚШ доллари ва “REDMI-10S” русумли қўл телефон аппаратини олиб кетишганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни Самарқанд вилоятида яшовчи 22 ёшли О.Ш. ҳамда Қашқадарё вилоятида яшовчи 24 ёшли П.Л. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, улар процессуал тартибда ушланишган.
Тергов давомида қонунбузарлардан телефон аппарати ҳамда олиб кетилган пуллар тақдири сўралганда, улар босқинчилик йўли билан қўлга киритган “REDMI-10S” русумли уяли телефон аппаратини Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган “Фарход” бозорида ўзларига нотаниш бўлган фуқарога 1.000.000 сўмга сотиб юборганликлари, жабрланувчи аризасида кўрсатган 1.200 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар эса ўғирланмаганлиги, аксинча пуллар жабрланувчининг ўзида эканлиги аниқланган.
Тергов ҳаракатлари давомида айбланувчилар доираси аниқланиб ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти