Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

22.01.2021 йилда You Tube ижтимоий тармоғи “NUKUS ONLINE” канали орқали фуқаро Венера М.,нинг бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланганлиги ҳолати акс этган видео тарқалганлиги юзасидан

Қорақалпоғистон Республикаси. 2020 йилнинг 16 декабрь куни соат 08:00 да Беруний тумани А.Қаҳҳор кўчасида яшовчи 25 ёшли Расул С., яқин қариндошлари билан бирга Беруний тумани “Бунёдкор” МФЙда 30 ёшли Венера М. ва 39 ёшли Насиба М.,лар билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, жанжал давомида Расул С., қўллари ва оёқлари билан Венера М. ва Насиба М.,ларнинг боши ва танасининг турли жойларига уриб, қасддан баданига шикаст етказган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида, фуқаро Насиба М.,га оғирлик даражаси бўйича “енгил” тан жароҳати етказилганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 30.12.2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, Расул С., ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран 2021 йилнинг 11 январь куни соат 09:30 да Беруний тумани “Шаббоз” деҳқон бозори орқа кириш дарвозаси олдида, Венера М.,ни бошининг тепа қисмига қўл ва оёқлари билан тепиб тан жароҳати етказган.

Шунингдек, Расул С., такроран ўзининг акаси Жанибек С. ва укалари Жасур С. ва Ислом С. ҳамда онаси Дилбар А., опаси Наргиза С.,лар билан Беруний тумани, “Шаббоз” деҳқон бозори орқа кириш дарвозаси олдида Венера М. ва унинг опаси Насиба М. ҳамда Анора М.,ларнинг бозордаги савдо растасида турган нарсаларини сочиб, столларини синдириб, бу ҳолатни видео тасвирга олиб турган видео камерасини таёқ билан синдириб, ўзгалар мулкини нобуд қилганлар.

Дастлабки тергов жараёнида, жиноят иши 19.01.2021 йилда ЖКнинг 109-моддаси 2-қисмидан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “а” бандига (безорилик) қайта малакаланиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки терговнинг ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилиши Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан назоратга олинган, дастлабки тергов якунига кўра, жанжалда иштирок этган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech