Хизмат интизоми қонунийлик гаровидир!
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ички ишлар органлари шахсий таркиби хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликка риоя этилишини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари, суриштирувчи ва терговчилари, соҳа фахрийлари, ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари, турмуш ўртоқлари иштирок этдилар.
Йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мансур Саттаров ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида атрофлича сўз юритди.
Шунингдек, ходимларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини назорат қилиш, психологик хизмат сифатини ошириш юзасидан фикрлар билдирилди. Худди шундай, фаолларни рағбатлантириш, интизомни бузганларга тегишли тартибда чора кўриш масалаларига эътибор қаратилди.
Йиғилиш давомида таъмагирлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суъистемол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик, бундай ҳолатлар юз берганда кўрилажак чоралар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ҳам сўзга чиқдилар.
Жамоат хавфсизлиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоялашга қаратилган бу каби тадбирлар вилоятдаги ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматларида бўлиб ўтмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати