Кун қаҳрамони
1992 йилда Нукус шаҳрида туғилган. ИИВ Академиясида таҳсил олган. Хизмат фаолиятини 2016 йили Нукус шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида бошлаган. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси тергов фаолиятини ташкиллаштириш бўлимининг терговчиси вазифасида хизмат кўрсатмоқда.
Капитан Байрам Батиров Минск шаҳрида қабул қилинган «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги» Конвенцияси асосида Қозоғистон Республикасидан 5 та ва Россия Федерациясидан 7 та жами 12 та Тергов топшириғини тўлиқ ва сифатли бажариб, тегишли тартибда ушбу давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига юборган.
Ўз зиммасидаги масъулиятни доимо ҳис этиб, топширилган вазифаларни сидқидилдан бажаради. Шу боис ҳам жамоада муносиб ўрнига эга. Бўш вақти кам бўлса-да, ундан унумли ва самарали фойдаланишга ҳаракат қилади. Бадиий адабиётлар, айниқса, жаҳон адабиёти дурдоналарини севиб мутолаа қилади. Инглиз тилини мукаммал ўрганишга бел боғлаган.
Дарҳақиқат, ҳар бир касб, айниқса, ички ишлар органлари тизимида ишлаш фидойиликни талаб этади. Кимки ўз ишига меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, эл-юрт орасида қадр топади, одамларнинг ҳурмат-эътирофига сазовор бўлади. Капитан Байрам Батиров ана шундай қадр ва эътироф топа олган фидойи ходимлардан бири десак сира муболаға бўлмайди.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
“Postda” мухбири.