Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожоновнинг ички ишлар органлари ходимларига байрам табриги.
Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, азиз фахрийларимизни ҳамда юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиб, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан самимий табриклайман.
Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев “Биз давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга бундан кейин ҳам алоҳида эътибор қаратамиз”, деб алоҳида таъкидлаганлар.
Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон миллий армияси жадал ривожланмоқда, унинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги изчил ошиб бормоқда, мамлакатимизнинг мудофаа қудрати мустаҳкамланмоқда, фуқароларимизнинг тинч-осойишта ҳаёти таъминланмоқда. Халқимиз ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли Ватан ҳимоячилари билан ҳақли равишда фахрланади.
Шу боис бугун олдимизга қўйилган вазифаларни юксак даражада бажаришимиз учун ҳар бир ички ишлар органи ходими ва ҳарбий хизматчиси фидойилик, ватанпарварлик билан бор куч ва ғайратини сафарбар этиши лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, узоқ умр, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга файзу-барака тилайман.
Юртимизда жамоат тартибини сақлаш, барқарорликни таъминлаш, қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизга улкан зафарлар ёр бўлсин.
П.Р. Бобожонов
Ўзбекистон Республикаси
Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант
2020 йил 14 январь