Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Андижон вилояти ИИБда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти раҳбарияти томонидан “Сурхондарё тажрибаси”ни жорий қилиш бўйича ўқув семинари ташкил этилди

Жиноят ишларини процессуал муддатларни белгилаш бўйича янги амалиётни жорий этишга қаратилган қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник М.А.Саттаров раҳбарлигида Андижон вилояти ИИБда семинар машғулотлари ўтказилди.

Унда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, вилоят ҳамда туман ИИБ соҳавий хизмат раҳбарлари, терговга қадар текширувни амалга оширувчи ходимлар иштирок этди.

Унга кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ишларини қисқа муддатларда тамомлашга қаратилган “Сурхондарё тажрибаси”ни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, мазкур амалиётнинг ўзига хос жиҳатлари, терговга қадар текширувни ҳар томонлама тўлиқ ва сифатли ўтказиш, жиноят ишларини тамомлашда “ярашув” ва “айбига иқрорлик тўғрисида келишув” институтларини қўллаш амалиётини яна-да кенгайтириш бўйича тушунтиришлар берилди.

Семинарда Жиноят-процессуал кодексида кўрсатилган талабларга риоя этиш, жиноят иши доирасида иштирокчиларнинг барча важларини тергов йўли билан текшириш, далилларни қонуний асосда тўплаш ва холисона баҳолаш, процессуал тартибда расмийлаштириш, бу борада ходимлар малакасини доимий ошириб бориш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу чора-тадбирлар жиноят ишларини самарали, тезкор ва қонун талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда тамомлашга, энг процесс, процесс иштирокчиларини ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик ва оворагарчиликни олдини олишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech