Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Қашқадарё вилояти ИИБда фуқаролар мурожаатлари юзасидан навбатдаги қабул ўтказилди

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида навбатдаги қабул ташкил этилди.

Унда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи Музаффар Раҳматуллаев иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини бевосита тинглади ва кўтарилган масалаларни атрофлича ўрганди.

Қабул давомида жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг турли йўналишлардаги мурожаатлари кўриб чиқилди. Хусусан, ички ишлар органларида олиб борилаётган суриштирув ва тергов ҳаракатлари, профилактика хизмати фаолияти ҳамда ички ишлар органларида хизмат қилиш истагидаги фуқароларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, қабул жараёнида айрим фуқаролар билан онлайн мулоқот ташкил этилиб, уларнинг мурожаатлари масофадан туриб тингланди ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Мурожаатларнинг айримлари жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган масалалар юзасидан масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Қабул давомида ҳар бир мурожаатни холисона ўрганиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда кўтарилган масалаларни қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Тергов департаменти

Text to speech