Қашқадарё вилояти ИИБда Вазир ўринбосари полковник Рамазон Ашропов иштирокида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида ўтган йил якунига бағишланган таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашропов вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, барча соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, бўлинма бошлиқлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби видеоселектор орқали қатнашди.
Йиғилишда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Бахтиёр Ражаповнинг ўтган йилда вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январ кунидаги ПҚ - 1 - сон қарори талабларини ижро этиш ва амалиётга кенг жорий этиш бугунги кун талаби эканлигини таъкидлади.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан коррупция ва тамагирликка йўл қўймаслик, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш борасида раҳбариятнинг қатъий талаб ва топшириқларини ходимларга етказди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятда жамоат тартибини сақлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, мол-мулк дахлсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилди.
Таҳлилий йиғилишда ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятда эришган ютуқлари билан бирга йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, жиноятчиликнинг айрим турлари ошган шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларига бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди. Хизмат давомида камчиликларга йўл қўйган соҳавий хизматларнинг айрим ходимлари фаолияти муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Якунда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов кузатилган йилда вилоятда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ излар”да фош этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни атрофлича танқидий таҳлил этиб, жиноятларни фош этишда тезкор ва соҳавий хизматлар ходимларининг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини янада кучайтириш лозимлиги иштирокчиларга уқтирилди.
Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида вилоятда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактикаси борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда Дастур ва ҳудудий “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилгани қайд этилди.
Вилоятнинг қизил тоифага кирувчи маҳаллаларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш борасида сусткашликка йўл қўйгани учун бир гуруҳ масъул ходимлар огоҳлантирилиб, бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш борасида тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари вазифадор этилиб, масъулияти оширилди.
Кенгайтирилган йиғилишда йўл қўйилган камчиликлар ошкора муҳокама этилиб, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Бириктирилган ҳудудда жиноятларнинг олдини олиб, хизматда муваффақиятга эришган, ички ишлар органларининг имиджини оширишга қўшга ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазири ўринбосарининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти