Қашқадарё вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлил қилинди
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳузурида Қашқадарё вилоятида 2026 йилнинг 9 ойи давомида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар муҳокамасига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов, бошқарма бошлиқларининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар ҳамда шаҳар-туман ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда вилоятдаги криминоген вазият, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Шундан сўнг соҳавий хизматлар ва шаҳар-туман ички ишлар органлари фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Хусусан, криминоген вазияти мураккаб ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этиш ҳамда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги мавжуд камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, кибержиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг интернет тармоғи орқали содир этилаётган фирибгарликлардан ҳимоя қилиш, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Бу борада профилактик ва тушунтириш ишларини кучайтириш, кибержиноятларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг фош этилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокамалар давомида жиноятчиликка қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар учун хавфсиз муҳит яратиш йўналишида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, келгусида натижадорликни ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла еттилиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ва сифатли ҳал этиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Йиғилиш якунида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, уни жиловлаш ва содир этилган жиноятларни фош этиш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида гиёҳвандликнинг тарқалишига қарши курашиш борасида масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ҳар бир йўналишда масъулият ва талабчанликни ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тергов департаменти