Байрам муносабати билан нафақадаги ходимларнинг ҳолидан хабар олинди
“25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни” байрами муносабати билан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси раҳбарияти томонидан соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, бугунги кунда нафақада бўлган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Яҳёжон Абдулхаков раҳномолиги остида тайёрланиб чоп этилган тергов хизмати тарихи ва бугунги кунини ўзида акс эттирувчи “Тергов хизмати фахрийлари” китоби ҳамда Вазир ўринбосарининг байрам табрикномаси топширилиб, уларга ҳурмат- эҳтиром кўрсатилди.
Учрашувда, фахрийларнинг тергов хизматида узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, эл-юрт осойишталигини таъминлашда ва жиноятчиликка қарши курашишда муносиб ҳисса қўшганлиги, ибратли ҳаёт йўли ва бой амалий тажрибалари ёш терговчиларга ўрнак бўлиб келаётганлиги мамнуният билан тилга олинди.
Шунингдек, “Тергов хизмати фахрийлари” китобида ҳаёти ва касбий фаолияти акс эттирилган марҳум фахрийларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, оила-аъзолари ҳолидан хабар олинди. Ташриф чоғида, марҳумларнинг хотираси ёдга олиниб, оила-аъзоларига “Тергов хизмати фахрийлари” китоби эсдалик учун топширилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти