Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосарининг Зарафшон шаҳридаги сайёр қабули давомида ўнлаб мурожаатлар ўз ечимини топди
Мамлакатимизда аҳоли мурожаатларига ижобий ечим бериш, фуқаролар оғирини енгил қилиш билан уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жойларда халқ билан ташкил этилган сайёр қабуллар ва унда аҳоли мурожаатларига берилаётган ижобий ечим бунинг ёрқин мисолидир.
Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғининг Зарафшон шаҳри аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувида 10дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг аксариятини ишсизлик, ижтимоий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит ва тиббий масалалар ташкил қилди.
Истиқлол маҳалласида истиқомат қилувчи Ойниса Раззоқова бир неча йилдан буён ишсиз эди. Бугун бандлиги юзасидан қилган мурожаати мутасаддилар томонидан ижобий ҳал этилди. Шаҳардаги 10-умумтаълим мактабига фаррошликка қабул қилинди. Наврўз маҳалласида яшовчи Фотима Ҳайдарова ошпазлик мутахассислигига эга эканлиги аммо иш излаб сарсон бўлаётганини айтиб мурожаат этди. Унинг ҳам муаммоси сайёр қабул жойида ҳал этилиб 12-мактабгача таълим муассасасига ишга қабул қилинди.
Зарафшонликлар билан ташкил этилган сайёр учрашув давомида шу каби 6 нафар фуқаронинг муаммоси тез сифатли ечилган бўлса, 3 нафарининг муддат талаб масаласи мутасаддилар назоратига олинди. 2 нафарига ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатилди.