Ёшларни тўғри йўлга бошлаш ҳар биримизнинг вазифамиз саналади
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан уюшмаган ҳамда жамиятда ўз ўрнини топа олмаётган ёшларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришида кўмаклашиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Ёшлар баланси” асосида улар билан индивидуал ишлаш, масъул вазирлик ва идораларни вертикал ҳамда горизонтал бириктириш тизими йўлга қўйилган.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Я.А.Абдулхаковга бириктирилган Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшовчи 30 нафар ёшлар билан манзилли ишлар ташкил этилиб, уларни жамиятга мослаштириш, бандлигини таъминлаш, муаммоларини ҳал этишга ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан ушбу ёшлар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг турмуш тарзи ва муаммолари бирма-бир ўрганилди, 3 нафар ишсиз ёшларнинг ишга жойлашишларида кўмаклашилди, 10 нафар ўзига тўғри хулоса чиқарган махсус ҳисобда турувчи ёшлар ушбу ҳисобдан чиқарилди, 3 нафар Пробация назоратидаги ёшларнинг хонадонлари ўрганилиб, уларни жазодан озод этиш бўйича судларга тавсияномалар киритилди.
Тизимли тадбирлар доирасида жорий йилнинг 03 июнь куни ёшлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг муаммолари ва қизиқишлари бирма-бир эшитилди, ёшларнинг қизиқишларини рағбатлантириш ва муаммоларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, учрашув якунида ёшларга қизиқарли китоблар ва эсдалик совғалари улашилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти