Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Я.Абдулхаков водий вилоятларида ички ишлар органлари фаолиятини ўрганмоқда
Полковник Я.Абдулхаков жорий йилнинг 19-20 июль кунлари криминоген вазиятни ўрганиш ва янада барқарорлаштириш юзасидан Фарғона вилояти ички ишлар органлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Вазир ўринбосари Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри, Бувайда, Учкўприк, Боғдод ва бошқа шаҳар-туманларини ўрганиш давомида, сўровхоналарнинг ҳолати, навбатчилик қисмлари фаолияти ва ватанпарварлик бурчакларига алоҳида эътибор қаратиб, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган кўрсатма ва топшириқлар берди.
Фарғона ва Марғилон шаҳарларида эса, тергов бўлинмалари ходимларига яратилган шарт-шароитлар, уларнинг хизмат фаолияти ва иш юкламаларини ўрганиб, қўшимча тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, Қува туманига ташрифи давомида мурожаатларни кўриб чиқиш ва қонуний ҳал этиш ҳамда ходимларнинг касб маданиятига риоя қилиш масалаларига тўхталиб, зарурий кўрсатмалар берди.
Водий вилоятларида ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти