Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи полковник Я.Абдулхаков Сирдарё вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда
Жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари полковник Я.Абдулхаков Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани, Гулистон шаҳар ва Сайхунобод тумани ИИБларига ташриф буюриб, ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг барча ўринбосарлари ҳамда ҳудудий прокурорлар билан учрашиб, ИИБларида ташкил этилган сўровхоналар ва навбатчилик қисмлари фаолияти билан танишди.
Шунингдек, вазир ўринбосари тергов бўлинмалари ходимлари билан суҳбатлашиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги ўрганилди, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя қилиш ҳамда тергов сифатини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, жиноятчилик даражаси оғир ҳудуд саналган маҳаллалар, жумладан Гулистон шаҳрининг Бўстон, Янги ҳаёт, Сайхунобод тумани Шодлик, Бахмалсой, Сирдарё тумани Дўстлик ҳамда Адолат маҳаллаларига ташриф буюриб, у ерда жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабаблари ва унга имкон берган шарт шароитларни ўрганиб, криминоген вазиятни яхшилаш ва жиноятчиликни олдини олиш юзасидан раҳбарларга тушунтиришлар бериб ўтди.
Гулистон шаҳрида “Хавфсиз тун” тадбирига жалб қилинган ҳуқуқ-тартибот органларининг тунги йўриқномасида иштирок этиб, масъулларга жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Полковник Я.Абдулхаковнинг Сирдарё вилоятидаги ўрганишлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти