Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан Оҳангароннинг тоғли ҳудудида яна бир замонавий мактаб қад ростлади

Туманнинг «Четсув» маҳалласида жойлашган 21-умумий ўрта таълим мактабининг «Оқтош» қишлоғидаги филиалида қайта қурилиш қилиниб, 54-мактаб мақоми берилди. 

Шу муносабат билан янги мактабнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳё Абдулҳаков, ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов ва Оҳангарон тумани ҳокими Абдурасул Абдуллаев иштирок этдилар.

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар янгиланаётган юртимизда халқ таълими тизимига қаратилаётган эътиборга алоҳида тўхталиб, бу мактаб “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ҳаётий шиорнинг туб мазмун-моҳиятининг амалдаги намойиши эканлигини таъкидладилар.

Маълумот учун «Четсув» маҳалласида 562 та хонадон мавжуд бўлиб, 3041 киши истиқомат қилади. Лекин мактаб филиали атиги 6 та синфхонадан иборат бўлиб, бугунги кунда бу ерда 186 нафар ўқувчи кичик синфларда таҳсил олмоқда. 10-11-синф ўқувчилари 6-7 километр йўл босиб, 21-умумий ўрта таълим мактабига масофани пиёда босиб ўтиб, қатнаб ўқишар эди. Куз-қиш мавсумида ўқувчилар деярли дарсларга қатнай олмасди.

Бугун эса ушбу мактаб 240 ўқувчини қамраб олади. Янги ташкил этилган мактаб янги жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди, бундан ташқари, директор ва унинг ўринбосарлари учун алоҳида бошқарув хоналари, ўқувчилар учун кутубхона ташкил этилди ва жиҳозланди.

Мактаб филиалининг янги мактаб сифатида ташкил этилиши бўйича сайёр қабулдаги мурожаат ижобий ечим топгани четсувликларнинг қувончига сабаб бўлди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech