Ижтимоий тармоқларда “Гулистонда чойхона ёқиб юборилган. Жабрланувчининг ИИБга аризаси кўриб чиқилмаяпти” сарлавҳаси остида чиқарилган мақола юзасидан.
“Kun.uz” сайтида 2020 йилнинг 20 апрель куни “Гулистонда чойхона ёқиб юборилган. Жабрланувчининг ИИБга аризаси кўриб чиқилмаяпти” сарлавҳаси остида чоп этилган мақоласига Тергов департаменти аниқлик киритиб кетишни лозим топди.
Аниқланишича: 2020 йил 1 апрелдан 2 апрелга ўтар кечаси номаълум шахс ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш мақсадида Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри, Маданият маҳалласида жойлашган фуқаро Б.Ю.,га тегишли хусусий корхона номидан ижара асосида юритиб келинаётган фуқаро Н.А., га қарашли “Азизбек” чойхонасини ёқиб юбориб, ҳодиса жойидан яширинган.
Ёнғин оқибатида “Азизбек” чойхонасининг девор ва шифт қисмининг қопламаси, мебель, маиший техника ускуналари ва бошқа бир қанча буюмлар ёниб зарарланган. Бунинг оқибатида жами 57.528.000 сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 10.04.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддаси 1-қисми ( Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, мақолада кўрсатиб ўтилган «Nexia» русумли автомашинанинг ёқиб юборилганлиги ҳолати юзасидан аниқлик киритилганида, 2019 йил 16 январь куни ХК раҳбари фуқаро Б.Ю., Гулистон шаҳри бўйича ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 2019 йил 13 январь куни ўзига тегишли бўлган “Nexia” русумли автомашинасини “Азизбек” чойхонаси олдида қолдирган вақтида таниши Ш.К., автомашинанинг ички қисмини бензин ёқилғиси билан ёқиб юборганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Судга оид транспорт-баҳолаш экспертиза хулосасига кўра, автомашинага 4.135.312 сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддасининг диспозициясида “Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш анча миқдорни ташкил этса” деб кўрсатилган. Ушбу жиноят таркиби юзага келиши учун (моддий зарар анча миқдор яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача, аниқроғи камида 22.300.000 cўмни ташқил қилиши керак) Б.Ю., га етказилган моддий зарар миқдори эса жиноят ишини қўзғатиш учун етарли эмас. Ушбу ҳолат юзасидан Гулистон шаҳри бўйича ИИО ФМБ масъул ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, автомашинанинг ички қисмида ёнғинни Ш.К. содир қилганлиги ўз тасдиғини топмаганлиги ҳамда ушбу ҳаракатни содир қилган шахсни шахсига аниқлиқ киритиш имконияти бўлмаганлиги сабабли, 25.01.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди (қилмишда жиноят таркибининг мавжуд эмаслиги)га асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ҳозирги вақтда ОАВни ўрни фуқаролик жамиятини қуришда жуда катта аҳамиятга эга. ОАВ вакиллари томонидан фуқароларнинг ташвиши ва уларни қийнаб келаётган муаммоли масалаларни ёритишлари мақтовга сазовордир, бироқ ҳар бир чоп этилаётган маълумот ҳаққоний ва ўз тасдиғини топган бўлиши лозим. Шу сабабдан ОАВ вакилларидан маълумотни хақиқатга тўғри келишини текшириб, объектив баҳолаган ҳолда ўз фикрларини холисона баён қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.