Метан шохобчасидан «DAMAS» олиб қочилди
Хоразм вилояти. Жорий йилнинг 14 ноябрь куни 2000 йилда туғилган фуқаро Ж.Ж. Урганч тумани ИИБга мурожаат қилиб, шу куни ўзига тегишли «DAMAS 2» русумли автомашина номаълум шахс томонидан олиб қочилганини маълум қилган.
Хабарга кўра, Ж.Ж. автомашинасини Урганч туманининг «Анжирчилар» маҳалласи ҳудудидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчасининг кутиш майдонида очиқ ва қаровсиз қолдирган. Номаълум шахс бундан фойдаланиб, транспорт воситасини олиб қочган.
Мурожаат асосида тергов-тезкор гуруҳи зудлик билан ҳодиса жойига чиққан. Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, атрофдаги биноларга ўрнатилган кузатув камераларидан ишга алоқадор видеоёзувлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида автомашинани олиб қочган шахс 1998 йилда туғилган фуқаро Н.Ж. экани аниқланган.
Терговда аниқланишича, Н.Ж. автомашинани маст ҳолатда олиб қочиб, Янгибозор тумани ҳудудидаги «Сам мой 222» автомобилларни ювиш шохобчаси ёнида қулфланган ҳолда қолдирган ва ўзи номаълум томонга яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Н.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида мазкур жиноят учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Ҳурматли фуқаролар!
Моддий бойликларингизга бефарқ бўлманг, автомашинани қулфланганлигига ишонч ҳосил қилинг ва калитни ўт олдириш жойида қолдирманг. Огоҳлик – давр талаби.
Тергов департаменти