Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг субминтақавий координатори Зейнал Гаджиев ва ИИВ вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Жорий йил 19 апрель куни Ички ишлар вазирлиги биносида Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг субминтақавий координатори Зейнал Гаджиев ва Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р.Ашропов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар муҳожирлар ва одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ИИВ ва Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида миграция соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилишди.
Мулоқот жараёнида З. Гаджиев самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдириб, Миграция бўйича халқаро ташкилот ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан ишонч билдирдилар.