Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Қонун лойиҳаси рақамли технологиялар ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси юзасидан мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда семинар ташкил қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат Қонунчилик палатасининг 2023 йил 5 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида концептуал жиҳатдан қабул қилинган ва бугунги кунда масъул қўмита томонидан маромига етказилмоқда.

Қонун ташаббускорларига кўра, моҳиятан рақамли технологиялар ҳамда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун зарурат сўнгги йилларда соҳада ортиб бораётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳисобланади.

Қайд этилишича, бугунги кунда инсонларнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий аккаунтларини ноқонуний тарзда (турли хил ҳаволалар юбориш орқали) эгаллаб олиб, белгиланган миқдордаги пул маблағларини жиноятчи кўрсатган ҳисоб рақамига юбормаса шахсий аккаунтдаги барча фото, видео ва бошқа маълумотларни Интернет орқали тарқатиб юбориш ёки аккаунтни бутунлай йўқ қилиш билан тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Семинарда яна бир ҳуқуқбузарлик ҳолати – крипто валюталар соҳасида ноқонуний майнинг билан шуғулланиш ҳолатларининг ортиб бориши кўрсатиб ўтилди. Таъкидланишича, ушбу фаолиятни яширинча амалга ошириш энергия ресурсларига тушадиган оғирликдан ташқари, назоратга олинмаган аноним крипто-активларнинг халқаро жиноятчиликни молиялаштирилиши учун сарфланиш хавфи мавжуд.

Депутатлар, вазирликлар, идоралар, соҳа мутахассислари, олий таълим ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этган мазкур семинар барча учун фойдали бўлди.

Text to speech