Ички ишлар органлари ходимларига янги йил табриги
Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, соҳа фахрийлари ҳамда юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини кириб келаётган Янги – 2020 йил билан самимий табриклайман.
Ҳаммамизга яхши маълумки, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ўзининг очиқ ва конструктив сиёсати ҳамда изчил ислоҳотлари билан минтақамиздаги йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказга айланиб, халқаро майдондаги обрў ва нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бугунги янгиланаётган, ўзгараётган Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилиб, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” дадил қадам ташламоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Айнан шу талаб тизимда амалга оширилган ва давом этиб келаётган ислоҳотларнинг асоси ва мақсади бўлиб хизмат қилмоқда. Халқ манфаатларига хизмат қилиш, чинакам халқчил, халқпарвар бўлиш ички ишлар органлари фаолиятининг бош мезони бўлиб қолиши лозим.
Бугун юртимизда юз бераётган янгиланишлар, улкан бунёдкорлик ишлари одамларнинг кундалик ҳаётида ўз аксини топиб, энг асосийси, юртдошларимизнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгаришига, эртанги кунга бўлган ишончи ортишига хизмат қилмоқда. Якунига етаётган 2019 йил ички ишлар органлари учун ҳам сермаҳсул йил бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар” деган муҳим принципларни таъминлаш, ички ишлар органларини том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз пойтахт”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз туризмни таъминлаш”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш”, “Хавфсиз хонадон” концепциялари амалга оширилди.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятчилик умумий кўрсаткичининг сезиларли даражада камайишига эришилди. Жорий йилнинг ўтган даврида юртимизда мавжуд маҳаллаларнинг 3661 тасида ёки 40,2 фоизида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Фаолиятимизда ютуқлар билан бир қаторда ҳали ечимини кутиб турган муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас албатта.
Айниқса, ходимларимизнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, уларни профессионал салоҳиятини замон талаблари асосида юқори босқичга кўтариш биз учун доим устувор йўналишлар қаторида бўлиб келмоқда.
Шунингдек, ички ишлар органлари зиммасига қўйилган масъулиятли вазифаларни виждонан бажаришда ҳамда тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда, жиноятчиликка қарши муросасиз курашишда кўплаб ходимларимиз жасорат ва матонат намуналарини кўрсатган ҳолда, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, қасамёдига содиқ қолиб, барча ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқдалар.
Бундай фидойи ходимларнинг аввало, Ватанга бўлган меҳр ва садоқат туйғулари ёш авлодга ўрнак бўлиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга қут-барака тилайман.
Юртимизда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, қонунчилик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизга муваффақиятлар ёр бўлсин. Гўзал ва бетакрор юртимиз тинч-осойишта, олижаноб, бағрикенг халқимиз ҳамиша омон бўлсин!
Янги – 2020 йил барчамизга қутлуғ келсин!
П.Р. Бобожонов
Ўзбекистон Республикаси
Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант.
2019 йил 31 декабрь