Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштиришга оид қонунлар кўриб чиқилди

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди ва унда  янгиланган Конституцияга мос равишда Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳамда Фуқаролик процессуал кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, қонуний кучга кирмаган суд қарорлари шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорлари, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш белгиланмоқда. Қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколати вилоят суди ва унга тенглаштирилган судлар ваколатига ўтказилмоқда. 

Шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси киритилиши муносабати билан Иқтисодий процессуал, Фуқаролик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларда тафтиш инстанциясида иш юритиш тартиби батафсил ёритилмоқда.

Амалдаги юқори инстанция судлари томонидан қуйи инстанция судларининг қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун яна қуйи судга юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш мажбурияти юкланмоқда. Шу билан бирга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан апелляция шикоятини бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.

Таъкидлаганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши натижасида судларда ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилиши, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, энг муҳими фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, норозиликларнинг олдини олишга ҳамда ортиқча сарсонгарчиликка йўл қўймасликка эришилади.

Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда айрим ҳуқуқбузарлар томонидан хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига кам ҳақ эвазига ўзгаларнинг IMEI кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқларига зарар етказиб, мобил телефон ўғирлиги, шунингдек, мобил телефонларни қўлга киритиш мақсадида босқинчилик, талончилик ва бошқа оғир турдаги айрим жиноятлар сонининг ошишига ҳамда уларнинг аксарияти фош этилмасдан қолишига сабаб бўляпти.

Шунингдек, рақамли технологиялар маконида қонунга хилоф равишда крипто-активлар айланмаси билан шуғулланиш, аноним крипто-активлар майнинг фаолиятини амалга ошириш ҳамда мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчисининг рухсатисиз ўзгартириш каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Қонун билан жаҳон Интернет тармоғида товламачилик, ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлик учун жиноий жавобгарлик ҳамда мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчи рухсатисиз ўзгартириш, шунингдек, ушбу мақсадда махсус дастурлар ишлаб чиқиш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шу билан бирга ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар, агар уларни тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган бўлишса, жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

Ушбу Қонун қабул қилиниши натижасида келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашиш ҳамда тергов қилишда барча куч ва воситаларни тўлиқ йўналтиришга, шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик доирасини аниқ норма билан белгилашга хизмат қилиши сенаторлар ва йиғилиш иштирокчилари томонидан қайд этилди.

Муҳокамалар натижасида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати

Text to speech