Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби раҳбари — Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев ва Ички ишлар вазирининг ўринбосари Р.Ашропов раҳбарлигида Президентнинг жорий йил 5 январдаги ПҚ-1-сон ва ПҚ-2-сон қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокамасига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят прокуратурасида ўтказилган йиғилишда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими, Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ва ишчи гуруҳи аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар, жумладан, Бош прокуратура, Ички ишлар, Таълим ва илм-фан, Адлия ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Криминология тадқиқот институтининг масъул раҳбарлари, уларнинг ҳудудий тузилмалари бошлиқлари, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳарлар ишчи гуруҳлари аъзолари ҳамда ҳокимлари иштирок этди.

Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларни кучайтириш, видеокузатув камераларини «Хавфсиз шаҳар» марказига интеграция қилиш, маҳалла раислари ва бошқа масъулларни оилавий низоларни медиация йўли билан ҳал этиш бўйича ўқитиш, миграцияга кетган, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган аёлларнинг фарзандлари билан ишлаш ҳолати, шунингдек, тиббиёт муассасалари ҳисобида турувчи шахсларни мажбурий даволаш бўйича кўрилаётган чоралар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

Қарорлар ижросини таъминлаш ва ёшлар билан ишлашда ўрнак кўрсатган 6 нафар масъул рағбатлантирилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишларда хато ва камчиликларга йўл қўйган масъул шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, вазифаларнинг сўзсиз ва самарали ижросини таъминлашга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.

Тергов департаменти

Text to speech