Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида терговчилар билан “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув семинар ўтказилди
2023 йил 21-22 сентябрь куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида терговчилар билан “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлари доктори Муроджон Турғунов, ИИВ Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори подполковник Қувонч Қодиров, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ бош мутахассиси Дилбар Рашидова ва бошқа профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.
Семинар давомида қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг ҳамда мазкур конвенция Факультатив протоколининг мазмун-моҳияти, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари ҳамла уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ифодаланиши, қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар ва бу борадаги халқаро тажриба каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари томонидан мазкур семинар халқаро стандартлар ва халқаро тажриба борасидаги янги маълумотларни олиш ҳамда мавжуд билимларни янада такомиллаштиришга, қийноққа солишга қарши курашишни ташкил этишда халқаро амалиётнинг ижобий жиҳатларини ўрганиш бу соҳадаги билим ва амалий кўникмаларни янада оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Конструктив мулоқот шаклида давом этган мазкур семинар жараёнида иштирокчиларнинг мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Ўқув семинар якуни бўйича тергов ходимлари тест синовлари топширди. Тест синовларини муваффақиятли топширган ходимларга сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти