Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида 2019 йил якунлари сарҳисоб қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида Ички ишлар органлари тергов, эксперт-криминалистика, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг 2019 йилдаги иш кўрсаткичларини муҳокама қилиш, эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан видеоселектор шаклида тезкор йиғилиш ўтказилди.
Танқидий руҳда ўтказилган тезкор йиғилишда соҳавий хизматлар томонидан 2019 йилда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, тизимда йўл қўйилган камчиликлар, уларни келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар муҳокомасидан сўнг, 2020 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олиниб, бунда жойлардаги раҳбар ва масъул ходимлар асосий эътиборни қайси жиҳатларга қаратиши лозимлиги, қўйилган вазифаларни оғишмай бажариш учун тегишли чора тадбирлар ишлаб чиқилиши кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 13.12.2019 йилдаги қарори талабларини ҳамда давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг 24.01.2020 йилда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидан келиб чиқиб, ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифаларни ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунидаги ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган барча бўғиндаги раҳбарлар ва ходимлар томонидан “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт” деган қоидани рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратиши кераклиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти