Тергов департаментида терговчиларнинг малакасини ошириш давом этмоқда
Тергов департаменти ва унинг қуйи бўлинмаларида хизмат олиб бораётган ходимларининг малакасини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суриштирув ва дастлабки тергов сифатини янада ошириш мақсадида, жорий йилнинг 3 май куни “Ахборот технология йўналишида содир этилаётган жиноятларни тергов қилишга ихтисослаштирилган малакали терговчиларни тайёрлаш мақсадида ўқув машғулотларини ташкил этиш тўғрисида” ги фармойишга асосан Тергов департаментида режалаштирилган ўқув ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Унда Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Андижон, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Транспортда ХТББ ҳузуридаги Тергов бошқармалари ва қуйи тизимларида хизмат олиб бораётган жами 15 нафар ходимлари иштирок этди.
Ўқув жараёнлари куннинг биринчи ярмида назарий (ИИВнинг бошқа соҳавий хизматлари, вазирлик ва идоралар белгиланган ходимлар таклиф этилиб, умумий тушунчаларни етказиш ва мунозаралар ташкил этиш), иккинчи ярмида эса амалий машғулотлар (Тергов департаменти Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси ходимлари иш юритувидаги жиноят ишлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб боришни ўрганиш, уларда иштирокини таъминлаш) тарзида ташкил этилди.
Шунингдек, ўқув жараёнларини янада қизиқарли ва мунозарали ўтказиш мақсадида тергов ходимларини белгиланган жадвал асосида ИИВнинг бошқа соҳавий хизматлар ҳамда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида, айнан улар жойлашган биноларга борилиб, иш жараёнлари, шунингдек жиноятларни тергов қилишда мавжуд имкониятларини ўрганиб бориш ташкил этилди.
Бундан ташқари, терговчиларнинг маънавий етуклигини таъминлаш, билим савияларини ошириш, уларда ватанпарварлик, тинчликнинг қадрига етиш каби туйғуларини янада кучайтириш мақсадида ИИВ қошидаги музей, Ўзбекистон Республикаси телеминораси, Зангиота зиёратгоҳи, Ўзбек Миллий академик драма театрларига саёҳатлар ташкил этилди.
Жорий йилнинг 8 май куни ўқув машғулотлари якунланиб, муносиб иштирок этган тергов ходимларига сертификатлар топширилди.
Муаллиф: Тергов департаменти
катта инспектор С.Р.Собиржанов