Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Чинор» йўл-патруль хизмати стационар постида синов тариқасида жорий этилган йўл ҳаракатининг автоматлаштирилган тартибга солиш тизими бўлган «Яшил» ва «Қизил» йўлак тизими билан танишилди
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Я.А.Абдулхаков Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари билан биргаликда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Чинор» йўл-патруль хизмати стационар постига ташриф буюриб, у ерда Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 8 июлдаги 377 – сон қарори асосида синов тариқасида жорий қилинган, республикада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни таъминлаш учун мўлжалланган йўл ҳаракатининг автоматлаштирилган тартибга солиш тизими билан танишишди.
Таъкидлаш жоизки, «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили асосида постларда транспорт воситаларининг ҳаракати фото ва видео қайд этиш қурилмалари орқали қайд қилиниб, ҳайдовчиларга ёруғлик диодли экран орқали ишора бериш йўли билан тартибга солинади.
Ташриф давомида, мазкур тизим йўл-патруль хизмати стационар постларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали ушбу масканларда инсон омилини чеклаган ҳолда транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминланишини, «яшил» йўлакдан белгиланган қоидаларга риоя этадиган ва ҳуқуқбузарлик содир этмаган транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳеч қандай тўсиқсиз ва чекловларсиз ҳаракатланиши, «қизил» йўлакдан қидирувда бўлган, суғурта полисининг муддати ўтган, белгиланган муддатда техник кўрикдан ўтмаган, вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланаётган ёки йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ўз вақтида тўланмаган жаримаси мавжуд бўлган транспорт воситалари ҳаракатланишини назарда тутадиган тизим эканлигининг гувоҳи бўлишди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти