Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Тошкент вилоятида тергов фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди

Тошкент вилоятида тергов фаолиятини янада такомиллаштириш, уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, ички ишлар ва прокуратура органларида фаолият юритаётган тергов ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суд ҳамкорлигида ўтказилди. У Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида ҳамда жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича илғор тажрибани жорий этиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.

Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов, шунингдек вилоят суди судьялари, Бош прокуратура ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси масъул ходимлари, вилоят прокуратураси тармоқ раҳбарлари, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ҳамда терговчилари, Ички ишлар бош бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари ходимлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг терговга масъул раҳбарлари, терговчи ва суриштирувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тергов сифатини оширишга қаратилган ўқув-амалий семинар давомида тажрибали мутахассислар томонидан жиноят ишларини судда кўриш жараёнида тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, рақамли криминалистика имкониятларидан фойдаланган ҳолда электрон далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари, шунингдек ахборот технологиялари орқали содир этилган жиноятларни (кибержиноятлар) фош этишнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан маърузалар тақдим этилди.

Ўзаро баҳс-мунозара руҳида ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва бошқа масъуллар Тошкент вилояти прокуратурасида терговчиларнинг назарий ва амалий билимларини ошириш, касбий кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган “Тергов полигони” фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Тергов полигонида жами 7 та ўқув хоналари ташкил этилган бўлиб, улар қаторига энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ жиноятларга бағишланган ўқув бурчаги, йўл-транспорт ҳодисалари ва виртуал реаллик хонаси, қотиллик жинояти, ис газидан заҳарланиш ва ёнғин содир бўлган ҳолатлар, шунингдек ўзини осиш ҳолати бўйича ҳодиса жойларини моделлаштирувчи хоналар, ҳамда ўқотар ва совуқ қуроллар билан ишлашга ихтисослаштирилган хоналар киради.

Мазкур ўқув хоналари терговчиларнинг амалий тажрибасини ошириш, турли вазиятларни реал шароитга яқин ҳолда моделлаштириш ҳамда уларнинг касбий кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, бундай ўқув-амалий семинарларни келгусида ҳам тизимли равишда ташкил этиш орқали тергов фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ходимларнинг касбий маҳоратини мустаҳкамлашга эришилади.

Тергов департаменти

Text to speech