Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ҳудудий тергов бўлинмалари ходимлари учун махсус ўқув курслар бўлиб ўтди

Тергов департаменти ва унинг қуйи бўлинмаларида хизмат олиб бораётган ходимларининг малакасини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суриштирув ва дастлабки тергов сифатини янада ошириш мақсадида, жорий йилнинг 25 мартдаги Ички ишлар вазирининг ўринбосари Я.А.Абдулхаковнинг “Диний экстремизм, терроризм ва унинг кўринишлари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишга ихтисослаштирилган терговчиларни тайёрлаш мақсадида ўқув машғулотларини ташкил этиш тўғрисида” ги фармойишига асосан ҳудудий тергов бўлинмалари ходимлари Тергов департаментида ўқув курсига жалб қилинди.

Унда Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Андижон, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Транспортда ХТББ ҳузуридаги Тергов бошқармалари ва қуйи тизимларида хизмат олиб бораётган жами 15 нафар ходимлар иштирок этди.

Ўқув жараёнлари даврида Ички ишлар вазирлигининг таркибий тузилмаларида кўп йиллик меҳнат фаолияти эга бўлган ходимлар маърузалар билан ўқув курсларида иштирок этиб, терговчиларга ўз билимларини улашишди.

Бундан ташқари курсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази, Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигидан ҳам масъул ходимлар жалб этилиб, диний экстремизм, терроризм билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда тергов органининг бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлиги, ишда вужудга келадиган аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар юзасидан фикр алмашишди.

Ўқув жараёнлари даврида тергов ходимлари белгиланган жадвал асосида ИИВнинг соҳавий хизматлари ва бошқа вазирлик ва ташкилотларга ташриф буюриб, амалиётчи ходимлар билан суҳбатлашилиб, бевосита иш жараёнлари вақтида ўз назарий билимларини мустаҳкамлаб, жиноятларни тергов қилиш даврида далил тўплашга қаратилган мавжуд имкониятлар билан танишиб чиқишди.

Жорий йилнинг 1 апрель куни ўқув машғулотлари якунланиб, муносиб иштирок этган тергов ходимларига сертификатлар топширилди.

Муаллиф: Тергов департаменти Кадрлар бўлинмаси

муҳим топшириқлар бўйича инспектори

подполковник С.Р. Худояров

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech