Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Кибермакондаги жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Жорий йилнинг 24 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қўмита аъзолари, тегишли давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қўмита мажлисида Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида кўриб чиқиладиган масалалар муҳокама қилинди.

Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Маълумки, кейинги пайтларда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда бир қатор шахсларнинг мобил қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларини зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари рўй бермоқда.

Кибермаконда шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари ҳам  учраб турибди.

Содир этилган бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, крипто-активларни ноқонуний айланмаси, хусусан ноқонуний майнинг фаолияти учун Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Сенаторлар қонун қабул қилингандан сўнг Ички ишлар вазирлиги масъуллари жойларда аҳоли, жамоатчилик учун тарғибот тадбирларини кучайтириши лозимлигига эътибор қаратди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Text to speech