Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

“Ўзбек тилидаги сўзлашувлар ва матнларни криминалистик тадқиқоти: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ–2898-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази томонидан илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш, хусусан қўлёзма матнлар бўйича овозли ашёвий далиллар тадқиқотида қўлланиладиган илмий-услубий ва ахборот-қидирув тизимларини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 13 июль кунида “Ўзбек тилидаги сўзлашувлар ва матнларни криминалистик тадқиқоти: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги илмий-амалий ўқув семинари ўтказилди.

Тадбирда ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти, ИИВ Академияси Криминалистик экспертизалар кафедраси раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари қатнашдилар.

Мазкур тадбир доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида республикамизда суд-криминалистика тизимини янада такомиллаштириш, соҳада тилнинг амалий функцияси ролини янада ошириш мақсадида меморандум имзоланди. Ушбу меморандум республикамизда лингвистик экспертизанинг ривож топиши, ҳамкорлик доирасида истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилишида асосий омиллардан саналади.

Сўнгги вақтларда шахс қадр-қимматига, интеллектуал мулкига тажовуз кўринишидаги турли жиноятлар сонининг ортаётганлиги, қўлёзмаларда умумий ва индивидуал жиҳатларни аниқлаш бўйича махсус методика яратилишига бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Аноним кўринишидаги хатларда гумонланувчилар аудиториясини қисқартириш, матннинг лингвистик атрибутларига асосланиб ёш, гендер ва ҳудудий хослигига кўра муаллифнинг тахминий образини яратиш масаланинг адолатли ва холисона ечим топишига омил бўлади. Шу маънода, махсус луғатлар тузилиши, соҳа корпуси яратилиши, келгусида мутахассислар олдида турган долзарб вазифалардан саналади.

Семинар доирасида имзоланган меморандум юқорида қайд этилган илмий тадқиқотларнинг яратилиши ва амалиётга татбиқ этилишига ёрдам берувчи бирламчи воситалардан бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech