Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ўзбекистон делегацияси Пекин шаҳридаги Ҳуқуқни қўллаш ва ишларни бошқариш марказлари фаолияти билан танишди

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар, суд ва прокуратура органлари, суд-тиббий экспертиза ҳамда адлия тизими раҳбар ва масъул ходимларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасига амалий хизмат сафари доирасида Пекин шаҳрида фаолият юритувчи Ҳуқуқни қўллаш ва ишларни бошқариш марказлари (Law Enforcement and Case Management Centers) фаолиятини ўрганди.

Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник М.Саттаров бошчилигидаги делегация Пекин шаҳар Жамоат хавфсизлиги бош бошқармасининг Сичэн ва Ҳайдянь туманларида жойлашган замонавий ҳуқуқни қўллаш ва ишларни бошқариш марказларида бўлиб, уларнинг ташкилий тузилмаси, фаолият юритиш механизмлари ҳамда рақамли технологияларга асосланган бошқарув тизимлари билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида меҳмонларга ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш, уларни рўйхатга олиш, текшириш, процессуал ҳаракатларни амалга ошириш, далилларни тўплаш ва сақлаш, шунингдек ишларнинг кўриб чиқилиши устидан назоратни таъминлаш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, амалий хизмат сафари доирасида делегация аъзолари Пекин полиция коллежи, Пекин юқори даражадаги автоном ҳаракатланиш технологиялари бўйича намойиш ҳудудининг Инновацион тезкор бошқарув маркази ҳамда Пекин шаҳар Чаоян тумани Жамоат хавфсизлиги бошқармаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Учрашувлар ва мулоқотлар чоғида томонлар судга қадар иш юритиш жараёнларини рақамлаштириш, жиноят ишларини тергов қилишда замонавий ахборот технологияларини қўллаш, процессуал назорат механизмларини такомиллаштириш, иш юритишни соддалаштириш ҳамда фуқаролар учун қулай ва шаффоф хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича Хитой тажрибасини муҳокама қилдилар.

Ташриф якунларига кўра, Хитойнинг ҳуқуқни қўллаш ва ишларни бошқариш марказлари фаолиятини ўрганиш тергов жараёнларини янада такомиллаштириш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида муҳим амалий аҳамият касб этиши таъкидланди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва билимлар алмашиш, шунингдек замонавий тергов ва бошқарув технологияларини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech