Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазирлигида ўтказилган байрам тадбири давомида бир гуруҳ ходимларга давлат мукофоти ва вазирликнинг идоравий мукофотлари тантанали равишда топширилди
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрам сифатида юртимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда. “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилаётган бу йилги шодиёналар Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам кенг миқёсда ташкил этилмоқда.
Вазирлик марказий аппаратида бўлиб ўтган байрам тадбирини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал лейтенант Пўлат Бобожонов олиб борди. Тинчлик осойишталикни таъминлашда ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрсатилаётган фидоийлик, ўз қасамёдига содиқ ходимлар мамлакатимиз раҳбари томонидан ҳамиша эътироф этилиши таъкидлаб ўтилди.
Мамлакатмиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан рағбатлантирилган бир гуруҳ ходимларга давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, 10 нафар раҳбарлар “полковник” махсус унвонига эга бўлган бўлса, 300 нафар ортиқ ходимлар вазирликнинг идоравий мукофотлари билан тақдирландилар. Идоравий кўкрак нишоналари, эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқларга муносиб кўрилган ходимлар Ички ишлар вазиридан ўз мукофотларини қабул қилиб олдилар. Албатта берилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик йиғилишда қатнашган ҳар бир раҳбар ва ходимга катта масъулият билан бирга, туну-кун ўз устидан ишлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун барча куч-воситаларни сафарбар этиш мажбуриятини юклайди.
Ватан қанчалар севимли бўлса унинг эрки, озодлиги ва мустақиллиги шу қадар бебаҳодир. Шундай экан она юртимизнинг мустақиллик санаси унинг ҳар бир фарзанди учун энг азиз ва муқаддас байрамдир. Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида ташкил этилган байрам тадбири ҳар бир иштирокчининг қалбини яна бир бор ана шундай фахр ва ифтихор туйғулари билан тўлдирди.
Бу каби байрам тадбирлари барча ҳудудий ички ишлар органларида ўтказилмоқда.