Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган қонун Сенатда кўриб чиқилмоқда

2023 йил 19 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Муҳокамада сенаторлар, экспертлар, мутахассислар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссия раислари, Ёшлар парламенти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўмита экспертлари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан таъкидланишича, истиқлолнинг энг улкан туҳфаларидан бири бу ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди – ислом динини ўрганиш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини тадқиқ қилиш, дин арконларини эмин-эркин адо этиш имкониятини берганидир.

Бироқ, сўнгги пайтларда мамлакатимизда диний соҳа вакиллари томонидан қонуний никоҳ бўлмаса ҳам никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу ўз-ўзидан ижтимоий муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, айрим диний блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда дунёвий ва диний ҳаёт тарзини олиб борувчи жамият вакиллари орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган, фақат ўзининг диний қарашларини ифодаловчи ва диний адоватни қўзғатишга қаратилган чиқишлар кўпайиб бораётганлиги қайд этилди.

Шу боис, мутасадди идоралар томонидан Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий анъаналарини инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ишлаб чиқилган.

Хусусан, Қонунда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик, жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик ҳамда фуқароларни миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб камситганлик ҳамда диний ташкилот томонидан ўзининг уставида назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда.

Муҳокамалар жараёнида ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жамиятда миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга, дунёвий қадриятларни сақлаб қолишга ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга эришилиши қайд этилди.

Йиғилиш якунида ушбу Қонун бўйича экспертлар томонидан тайёрланган тавсиялар Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди. 

Text to speech