Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида 2023 йил 12 ойи иш якунлари сарҳисоб қилинди

Жорий йилнинг 17 январь куни, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ва унинг қуйи бўлинмалари шахсий таркиби иштирокида 2023 йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган устувор мақсадлар муҳокамаси юзасидан видеоконференцалоқа тизими орқали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Б.Жалолов раислигида ўтказилган йиғилишда республика ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг барча шахсий таркиби иштирок этди.

Сўз бошида полковник Б. Жалолов таҳлилларга тўхталиб, 2023 йилда 90 мингдан ортиқ жиноят ишлари тергов қилингани, тамомланган ишлар ўтган йилга нисбатан 5 фоизга яхшилангани, жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарарнинг 84,6 фоизи тергов бўлинмалари ходимларининг сайъи ҳаракатлари билан ундирилганини таъкидлаб ўтди.

Йиғилиш давомида соҳа раҳбарлари ва ходимларнинг йил давомида эришган ижобий натижалари, Тергов департаменти ва унинг қуйи бўлинмаларининг кўрсаткичлари, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган шарт-шароитларга тўхталиб ўтиши билан бир қаторда, 2023 йилда айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар, мурожаатлар билан ишлаш ва бошқа йўналишларни муҳокама қилди.

Жумладан, йиғилишда жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида процессуал хато ва камчиликларга йўл қўйиб келаётган терговчилар ҳамда шаҳар-туманлар бирма-бир таҳлил этилиб, фаолияти давомида салбий натижаларни қайд этган ходимларга эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Йиғилиш якунида Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Б.Жалолов аввалги йилда йўл қўйилган камчиликларни олдини олиш, тергов сифатини ошириш юзасидан ҳудудий тергов бошқармалари бошлиқларига манзилли топшириқлар берди.

Шу билан бирга, бугунги кунда тергов бўлинмалари ходимлари олдига қўйилаётган талабларга мос равишда масъулиятни янада кучайтириш ҳамда кадрларни билим савиясини ошириш ҳамда хизмат ва ижрочилик интизомига риоя этишга қаратилган қатор вазифаларни белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech