Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда
Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.
Шу билан бирга судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлди.
Бундан ташқари узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабабли мазкур тизимни ўрта бўғиннинг – вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурати юзага келди.
Мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори инстанция судлари томонидан қуйи судлар қарорини бекор қилган ҳолда ишни янгитдан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормалар киритилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга, одил судловнинг сифатини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Қонуннинг қабул қилиниши судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланишларини кенгайтиришга ва норозиликлар ҳамда ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Муаллиф: Тергов департаменти ЎМИБ терговчиси
майор Э.А. Ахмадалиев