Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч
Қашқадарё вилояти ИИБда жорий йилнинг тўққиз ойида бошқарма ҳузуридаги Тергов бошқармаси ҳамда М ва ФРБ, бошқармаларнинг шаҳар-туман ИИБларидаги ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ИИВ ўринбосари полковник Яхёжон Абдулхаков, ҳар иккала бошқармалар шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари ва оила аъзолари иштирок этишди.
Йиғилишда сўз олган Вазир ўринбосари ходимларнинг иш фаолияти, кунлик идоравий ва процессуал назоратни кучайтириш ҳамда Республика ҳудудида ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилаётган қонунбузилиши ҳолатларидан тўғри хулоса чиқариб олиш, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш, тамагирлик қилмаслик, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, улар билан ноқонуний мулоқотларга киришмаслик, фаолият давомида ҳалоллик, қонунийлик, холислик, адолат ва инсонийлик тамойилларига асосланиб иш юритиш лозимлигини қайд этди.
Кўлами кенг йиғилишда Тергов бошқармаси ва унинг шаҳар-туманлари бўлим ва бўлинмалари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари, фаолиятда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тегишли хулоса чиқариб олган ҳолда ишни ташкил этишлари, жиноятларни тез ва тўла очиш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, ҳар бир жиноят содир этган шахсга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, жиноят ишларини процессуал қонун асосида ҳар томонлама тўлиқ сифатли тергов қилиш, жиноятнинг сабаблари, унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чораларни кўриш тергов идораларининг асосий вазифаси бўлиши иштирокчиларга тушунтирилди.
Шу ўринда ички ишлар органлари ходимларининг кунлик идоравий назоратини самарали йўлга қўйиш, турли салбий хатти-ҳаракатларни олдини олиш мақсадида раҳбарият ва ота-оналарнинг узвий алоқасини йўлга қўйиш келишиб олинди.
Йиғилишда ҳисобот давридаги хизмат фаолияти давомида жиноят ишларининг терговини сифатли ўтказилишини таъминлаган, юқори натижаларга эришиб, хизматдошлари учун ўрнак бўлган бир гуруҳ терговчи ва суриштирувчиларга ҳамда уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар ва эсдалик совғалар топширилди.