Вилоят ички ишлар бошқармасида 6 ойлик якунлари сарҳисоб қилинди
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи, полковник Я.Абдулҳақов иштирокида 2023 йилнинг 6 ойлик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоконференцияалоқа тарзида ташкил этилган тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник М.Жўраев, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, барча соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман студияларида эса ички ишлар бўлими бошлиқлари ва ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, терговчилар, тезкор вакиллар ҳамда профилактика (катта) инспекторлари иштирок этди.
Анжуманда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник И.Тиллаев ўтган олти ой давомида вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва фош этиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Ҳисоботдан келиб чиқиб, бошқарма ва унинг қуйи тизимларида жиноятчиликнинг эрта аниқлаш ва уларни жиловлаш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқид қилинди, эришилган ютуқлар эътироф этилди. Келгусида бажарилиши зарур бўлган энг устувор вазифалар эса белгилаб олинди.
Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи, полковник Я.Абдулҳақов жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш йўналишида келгусидаги ишларни сифат жиҳатидан янада яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Тадбир давомида вилоят ҳудудида намунали жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олишда хизмат вазифасига виждонан ёндашган, ҳамкасбларига ҳар томонлама ўрнак бўлаётган ходимларнинг хизмати муносиб эътироф этилди. Уларнинг бир гуруҳига ИИВ раҳбариятининг ташаккурномаси, вилоят ички ишлар бошқармасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди.