Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқи
Ассалому алайкум, ҳурматли Сенат аъзолари!
Қадрли дўстлар!
Аввало, сизларни сайловларда ғолиб бўлиб, сенатор деган юксак номга сазовор бўлганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий сайтида маълум қилинган.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, Олий Мажлиснинг юқори палатасининг аввалги таркибида самарали фаолият олиб борган сенаторларга барчамизнинг номимиздан миннатдорчилик билдираман.
Албатта, олий вакиллик органи аъзоси бўлиш ҳар бир сенатор учун нафақат катта шараф, балки улкан масъулият ҳам эканини барчангиз яхши тушунасиз.
Сенатор – бу аввало халқ ва давлат ишончини қозонган инсон. У чуқур билим, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган, тинимсиз меҳнат қилиб, ташаббус кўрсатиб яшайдиган, халқ манфаатларини доимо биринчи ўринга қўйиб, ўз тақдирини эл-юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрадиган шахсдир. Сизларнинг тимсолингизда биз ана шундай етук ва фаол шахсларни тасаввур қиламиз.
Таъкидлаш жоизки, Сенатнинг янги таркиби анча юқори профессионал даражада шаклланди. Буни Сенат аъзоларининг 20 нафарини иқтисодчилар, 19 нафарини муҳандислар, 13 нафарини педагоглар, 7 нафарини ҳуқуқшунослар, 6 нафарини тиббиёт ходимлари, 5 нафарини агрономлар, 4 нафарини журналистлар ҳамда 12 нафарини жамоат ташкилотлари вакиллари ташкил этади. Уларнинг орасида 16 нафар фан доктори, 12 нафар фан номзоди мавжудлиги ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди. Шунингдек, Сенат аъзоларининг салкам 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу эса юқори палатанинг фаолияти янгича ёндашув ва қарашлар асосида ташкил этилишидан далолат беради.
Ҳурматли ялпи мажлис иштирокчилари!
Жонажон Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган кейинги уч йил Сенат учун ҳам ўзига хос туб янгиланиш ва ўзгаришлар даври бўлди. Сенат томонидан кўриб чиқилган қонунлар сони қарийб 230 тага етгани ва шундан 190 та қонун сўнгги уч йилда маъқуллангани ушбу йўналишда катта иш қилинганини кўрсатади. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар нафақат қонунларнинг сони, балки уларнинг сифати билан ҳам боғлиқ, десак, тўғри бўлади.
Шу ўринда Сенат қўмиталари томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилгани ва улар кўплаб долзарб масалалар ечимига хизмат қилганини таъкидлаш лозим. Мисол учун, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг суғурта бозори самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлари мазкур соҳани такомиллаштиришга оид муҳим қарорларда ўз ифодасини топди.
Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳам кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, муҳим ташаббусни илгари сурди. Ҳозирги вақтда шу асосда тўй ва маросимлар ўтказишни тартибга солиш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда. Энг муҳими, уларни халқимиз қўллаб-қувватламоқда.
Бундан ташқари, Сенатда ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ахборотларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Сенатнинг ялпи мажлисларида вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш тартиби жорий этилгани парламент назорати соҳасидаги катта амалий натижа, дейиш мумкин.
Шунингдек, халқаро муносабатларда ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлик ифодаси сифатида Сенатда 25 та парламентлараро гуруҳ ва 2 та комиссия фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳурматли сенаторлар!
Юқори палата ишининг самарадорлигини ошириш мақсадида яқин ва узоқ истиқболда қуйидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайман.
Биринчидан, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали тизимини яратишимиз лозим.
Уч йил олдин сенаторлар томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бироқ, бу биз кутган натижаларни берди, деб ҳозирча айта олмаймиз. Жойларда ҳали жуда кўп муаммолар ўз ечимини кутиб турибди. Масалан, йўл қурилиши соҳасида жами 184 минг километр бўлган автомобиль йўлларининг 70 минг километри ёки 38 фоизи қайта қуришга муҳтож.
Одамларнинг энг кўп эътирозига сабаб бўлаётган коммунал хизмат соҳасини оладиган бўлсак, бу борада ҳам муаммолар кўп. Масалан, мавжуд 633 та қозонхонанинг 25 фоизи ҳамда 4 минг километр иссиқлик тармоғининг 75 фоизи яроқсиз аҳволда.
Энг ачинарлиси, республикамизда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси атиги 68 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 60 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда.
Шаҳарсозлик соҳасида мамлакатимизда 1 минг 200 та аҳоли пунктидан фақат 232 таси ёки 19 фоизи бош режасига эга. Соғлиқни сақлаш соҳасида республикамиз бўйича 13 мингта умумий амалиёт врачлари ва тор доирадаги мутахассислар етишмайди.
2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида 2 минг 700 дан ортиқ педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлса, мактабларнинг жиҳозланиш даражаси 79 фоизни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, 3 мингта мактабда ичимлик суви ташиб келтирилади, 261 та мактаб эса сув билан таъминланмаган.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни, аёллар ўртасида 12,5 фоизни ташкил этади. Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида 2 минг 400 та меҳнат ярмаркаси ўтказилган. Шунга қарамасдан, иш излаганларнинг жуда кам қисми ишга жойлаштирилган.
Албатта, узоқ вақт давомида халқ билан яқиндан мулоқот қилинмагани, унинг дарду ташвишларини атрофлича ўрганиб, ҳал қилиш чоралари кўрилмагани оқибатида мана шундай ижтимоий муаммолар тўпланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Биз бу масалаларнинг ечимини топиш мақсадида муҳим дастурлар қабул қилиб, шу асосда катта ишларни амалга ошираётганимиздан, ўйлайманки, барчангиз хабардорсиз. Бу муаммоларни тўлиқ бартараф этиш учун албатта вақт керак, улкан маблағ ва куч-имкониятлар керак.
Марказда ва жойларда ижро органларининг бутун фаолияти ана шу масалаларга қаратилаётгани ҳам сизларга яхши маълум.
Ўз навбатида, сенаторларимиз ҳам бу борада ташаббус ва ташкилотчиликни ўз қўлларига олиб, аниқ таклифлар киритсалар, айни муддао бўлар эди. Шу боис, Сенатнинг ҳар бир қўмитаси ўз фаолият режасини ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб шакллантириши лозим.
Айниқса, Сенатнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича тасдиқланган индикаторларга эришилиши устидан мониторинг олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Чунки, юқорида санаб ўтилган барча муаммолар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳангдир.
Шунингдек, ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур. Бу амалиёт аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради.
Иккинчидан, ислоҳотларимизнинг бугунги босқичи Ҳукумат, барча вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар олдига кескин талаблар қўймоқда. Бу талаблар қонунларда, Президент фармонлари ва қарорларида, турли давлат ва ҳудудий дастурларда ўз ифодасини топган.
Шунинг учун вазирлик ва идоралар раҳбарлари кўпроқ ҳудудларда бўлиб, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечими юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилаб олмоқда. Лекин, уларнинг ижроси юзасидан назоратни ким таъминлайди? Албатта, халқ ишончига сазовор бўлган сенаторлар бу борада асосий ташаббускор бўлиб, масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Сенат вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимларнинг мазкур чора-тадбирлар ижроси юзасидан ҳисоботини мунтазам муҳокама қилиб бориши лозим. Бу жараёнда ҳисобот шунчаки ҳисобот учун бўлиб қолмаслиги керак. Аксинча, ҳисоботлар муҳокамасидан сўнг муайян соҳа ёки ҳудудда аниқ ўзгаришлар бўлиши зарур.
Ўйлайманки, парламент назорати натижалари асосида фаолияти қониқарсиз деб топилган раҳбарларнинг лавозимда қолиш ёки қолмаслик масаласи бўйича Сенат томонидан Ҳукумат олдига масала қўядиган ва таъсирчан чоралар кўрадиган вақт келди.
Амалдаги қонунларга асосан Сенат парламент назорати натижалари бўйича ҳатто Ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисида Президентга таклиф киритиши мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз, ҳурматли Сенат аъзоларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: аниқ таҳлил ва асослар билан киритилган таклифларни мен кўриб чиқишга тайёрман.
Учинчидан, ёшлар ва таълим масалалари Сенатнинг доимий эътиборида бўлиши керак.
Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзларини такрор ва такрор айтишдан чарчамайман.
Нега деганда, бу фикр бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз лозим.
Ёшларимиз кимнинг авлодлари эканини чуқур англашлари керак. Айни вақтда бугунги ислоҳот ва ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлмаётганини билишлари зарур.
Яқинда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда жорий йилда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш ясаш бўйича улкан мақсадларни белгилаб олдик. Хусусан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун шароит яратиш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, айниқса, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммолари билан мунтазам равишда шуғулланиш, қиз болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, шунингдек, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар ижросини Сенат назорат қилиб, мутасадди раҳбарларнинг ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасидаги фаолиятига оид ҳисоботларини эшитиб, тегишли чоралар кўриб борса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Тўртинчидан, Сенат ҳудудий вакиллик палатаси сифатида Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш ва унинг ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиши зарур.
Биз 2020 йил учун Давлат бюджетини биринчи марта қонун билан тасдиқлаш амалиётини бошладик. Конституциямизга мувофиқ, бюджетни қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколати ҳисобланади. Аммо, қонунларда бюджет ижросини фақат Қонунчилик палатаси томонидан назорат қилиш тартиблари белгиланган.
Ажратилаётган маблағларнинг вазирлик ва идоралар бўйича, айниқса, ҳудудлар кесимидаги ижросини ўрганиш Сенатнинг ҳам асосий вазифаси бўлиши лозим. Шу муносабат билан қонунларга тегишли тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқдир.
Сизларга яхши маълумки, Қонунчилик палатасида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилган эди. Бу қисқа муддатда ўзининг дастлабки ижобий натижаларини кўрсата бошлади. Юқори палатамизда ҳам ана шундай фаолиятни амалга ошириш мақсадида Сенатда алоҳида тузилма ташкил этишни таклиф қиламан. Ушбу тузилма Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш жараёнлари устидан ҳудудлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда назорат олиб боришда сенаторларнинг асосий кўмакчиси бўлади, деб ишонаман.
Бешинчидан, жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги долзарб масалаларни ҳал этишда парламент сўрови институтидан самарали фойдаланиш зарур.
2010-2014 йилларда Сенат томонидан атиги 3 та парламент сўрови юборилган бўлса, сўнгги беш йилда 26 та парламент сўрови ва 700 дан ортиқ сенатор сўрови юборилган.
Келгусида парламент сўрови алоҳида вилоят, туман, шаҳар миқёсидаги долзарб масалаларни ҳам қамраб олса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ, сенатор сўровларининг сифати ва натижадорлигини ошириш бўйича ҳали олдимизда кўп ишлар турибди. Афсуски, давлат бошқаруви органлари томонидан сенаторларнинг сўровларига жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.
Таъкидлаб айтмоқчиман, сенатор сўровига беписандлик – бу халққа бўлган беписандлик, деб баҳоланиши керак. Бундай ҳолатга йўл қўймаслик учун сенатор сўровини ҳудудлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш, унинг натижасига оид ахборотни Сенатнинг қўмита мажлислари ва ялпи мажлисларида муҳокама қилиш зарур.
Олтинчидан, Сенатнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигини, улар фаолиятига амалий ва услубий кўмак кўрсатиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш лозим.
Афсуски, бугунги кунда юқори палатамизнинг бу борадаги фаолияти сустлигича қолмоқда. Энг ачинарлиси, маҳаллий кенгашлар ҳудудлардаги долзарб масалалар ечимини топишда ўз ваколатларидан деярли фойдаланмаяпти.
Маълумки, сўнгги даврда, айниқса охирги уч йилда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Жумладан, ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Қонунчиликда маҳаллий кенгашларга бундай кенг ваколатлар берилган бўлса-да, амалда уларнинг натижаси кўринмаяпти. Сенат қўмиталари маҳаллий кенгашлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўймагани ҳам бунга сабаб бўлмоқда.
Кенгашлар фаолият самарадорлигини оширишда мен, биринчи навбатда, сиз муҳтарам сенаторларга суянаман. Шунинг учун доимий асосда ишлайдиган сенаторларни маҳаллий кенгашларга бириктиришни назарда тутадиган янги тизим яратиш лозим. Бу масалани сайловларда кузатувчи бўлиб иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам тавсия этишган.
Аслида сенаторлар ҳудудлар манфаатини ҳимоя қиладилар. Шунинг учун сенаторларимиз ҳар ойда биттадан маҳаллий кенгашларни намунавий ишлайдиган қилиб берсалар, албатта халқни рози қиладилар.
Шу муносабат билан маҳаллий кенгашларда сенаторнинг кабинетини ташкил этиш ўринли бўлади. Шу билан бирга, Сенат Раиси, ҳудудларда барча сенаторларни жалб қилган ҳолда, маҳаллий кенгашлар депутатларининг тизимли ўқувини ташкил этиш амалиётини жорий этиши лозим.
Сенат, Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда, мутлақо янги бўлган тизимни, яъни сенаторлар мактабини шакллантириши керак. Чунки, жойларда депутатлар корпуси қанчалик кучли бўлса, маҳаллий кенгашлар ва албатта, Сенат ҳам шунчалик кучли бўлади.
Ҳурматли сенаторлар, мен сизларнинг ҳар бирингизни кўпни кўрган, халқ ичида катта обрў-эътиборга эга, жойлардаги муаммоларни ва уларни ҳал қилиш йўлларини яхши биладиган одамлар деб биламан. Барчангиз фидокор ва ташаббускор бўлиб, ўз амалий ишларингиз билан сенатор сифатида мамлакатимиз тарихида ном қолдиришингизни истайман.
Энди ижро ҳокимияти ёмон ишламоқда, деб нолиб ўтирадиган вақт ўтди. Ижро органи фаолияти устидан ким назорат қилиши керак? Аввало, сенаторлар эмасми?
Қуйи кенгашлар қанчалик фаол бўлса, Сенатнинг иши шунча самарали бўлади. Ижро органини жойларда фаол ишлатиш сенаторларимизга жуда ҳам боғлиқ.
Сенаторлар жойлардаги раҳбарлар ҳисоботини эшитиши, республика даражасида ҳал қилинадиган масалаларни Сенат муҳокамасига киритиб бориши керак. Ушбу фаолиятни самарали ташкил этиш ва маҳаллий кенгашларнинг иш сифатини ошириш мақсадида уларда доимий асосда ишлайдиган котибият ташкил этишни таклиф қиламан.
Шунингдек, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, кенгашларга вазирлик ва идоралар ҳудудий тузилмалари раҳбарларининг ўз лавозимига лойиқлиги юзасидан таклиф киритиш ваколатини берсак, нима дейсизлар?
Маълумки, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунда кенгашларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлган қарорлари Олий Мажлис томонидан белгиланган тартибда бекор қилиниши назарда тутилган. Бироқ, шу кунга қадар ушбу нормани амалга ошириш механизми ишлаб чиқилмаган.
Сенат ҳудудий вакиллик палатаси эканини инобатга олиб, кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ваколатини Сенатга бериш тўғри бўлади, деб ўйлайман.
Еттинчидан, коррупцияга қарши кескин курашиш муҳитини яратишда Сенатнинг ролини кучайтириш зарур.
Бугунги кунда давлат хизматчилари, ҳатто юқори лавозимлардаги масъул шахслар томонидан содир этилаётган коррупция билан боғлиқ жиноятлар фош этилмоқда. Бу ҳақдаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида тез-тез эълон қилинмоқда. Айниқса, муайян ҳудуд тақдири ишониб топширилган айрим мансабдорларнинг порахўрлик ва коррупция жиноятига қўл ураётгани ташвишли ҳолдир.
Жойлардаги раҳбарларнинг қонунга зид фаолияти доимо ҳудудларда фаолият олиб бораётган сенаторларнинг эътибор марказида бўлиши керак. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир сенатор коррупцияга қарши курашнинг олдинги сафларида бўлиши шарт. Жамиятда қизғин баҳсларга сабаб бўлган ҳолатлар юзасидан Сенат аъзолари ялпи мажлисни кутиб ўтирмасдан, тезкор эшитувлар ташкил этиб, мутасадди шахслардан изоҳ талаб қилиши зарур.
Саккизинчидан, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш масаласи Сенатнинг доимий эътиборида бўлиши керак.
Сўнгги йилларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор ишларни амалга оширдик. Бироқ, бу соҳада олдимизда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Масалан, ўтган йили мамлакатимиз бўйича жиноят содир этган 47 мингдан ортиқ шахснинг 12 минг нафари ёки 25 фоизини ёшлар ташкил этган.
Бу кўрсаткич Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 39 фоиз, Андижон ва Наманган вилоятларида 38 фоиздан ошган. Лекин, минг афсуски, на Қашқадарё, на Хоразм, на Андижон, на Наманган вилоятларида, на Тошкент шаҳрида ушбу ўта ташвишли аҳвол бўйича Сенатнинг сайёр мажлислари ўтказилиб, бу масала жиддий муҳокама қилинмаган. Ҳамма томошабин.
Ўзингиз айтинг, бу аҳволда биз қаёққа борамиз?
Бу каби бепарволик ва эътиборсизлик энди тарихда қолиши керак. Ҳар бир масалада янги сенаторларимиз тезкор муносабат билдиришлари ва зарур чора-тадбир кўриб боришлари лозим.
Бундан ташқари, безорилик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Шу муносабат билан жойларда жиноятчиликка қарши кураш олиб борадиган идоралар фаолияти сенаторларнинг доимий назоратида бўлиши лозим.
Хабарингиз бор, сўнгги 3 йилда ўз қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингдан ортиқ шахс афв этилиб, ўз яқинлари бағрига қайтарилди. Ўйлайманки, улар келгусида ҳаётда ўз ўринларини топишида ҳам сенаторларнинг алоҳида ҳиссаси бўлади.
Агар афв этилганларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминламасак, афв этиш тўғрисида биз қабул қилган фармонларнинг обрўси, таъсири нима бўлади?
Тўққизинчидан, Сенат давлат идораларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш борасидаги фаолияти устидан назоратни кучайтириши лозим.
“Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” давлат дастури доирасида қатор чора-тадбирлар белгиланган. Барча даражадаги раҳбарларга аёллар, айниқса, ёш қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатишни асосий вазифа сифатида белгиладик.
Ана шу вазифалар ижросини ташкил этиш ва назорат қилишда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси муайян иш олиб бормоқда. Келгусида ҳам мазкур қўмита гендер тенгликни таъминлаш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигига кўмаклашишга оид вазифалар ижросини мунтазам ўрганиб бориши зарур. Бунинг натижаси бўйича масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб, уларнинг фаолият самарадорлигини оширишга кўмаклашиш лозим.
Сенатда бу борада озми-кўпми ишлар қилинмоқда. Лекин маҳаллий кенгашларда бу масала бўйича эътиборга лойиқ муҳокамалар деярли ўтказилмаган.
Ижро органида, вазирлик ва идораларда гендер тенгликни таъминлаш, муҳтарама опа-сингилларимизга масъул лавозимларни ишониб топшириш бўйича кўп иш қилишимиз керак. Нега деганда, аёлларимиз ҳаётий муаммоларни бошқалардан кўра чуқурроқ билиши, фидойилиги, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўлади.
Ўнинчидан, Сенат фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларни янада кучайтириш зарур.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Сенат жамоатчилик, айниқса, оммавий ахборот воситалари билан узвий ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Сенат фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилди ва юқори палатанинг махсус веб-портали яратилди.
Сўнгги пайтларда Сенат мажлисларини жонли эфир орқали намойиш қилиш амалиётининг жорий этилиши халқчил парламентни шакллантиришнинг муҳим омили ва халқ олдида ҳисобот беришнинг самарали воситасига айланмоқда. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни тизимли равишда давом эттириш зарур. Шунингдек, Сенатда бу борадаги ижобий амалиётни маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳам жорий этиш яхши натижа беради, деб ўйлайман.
Навбатдаги долзарб вазифа – парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш лозим.
Бу борада муҳим бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Икки палатали парламент ташкил этилганидан бошлаб ҳозирги кунга қадар жами 9 та қонун Сенат томонидан рад этилган. Ушбу кўрсаткич 2005 йилдан бугунги кунгача қабул қилинган барча қонунларнинг атиги 1,5 фоизини ташкил этади. Мазкур кўрсаткич аксарият ривожланган давлатларда бундан бир неча бор юқори.
Биз қонуннинг Сенат томонидан рад этилишига – салбий ҳолат деб эмас, аксинча, сифатли қонунларни қабул қилишга қаратилган демократик жараён сифатида баҳо беришимиз лозим.
Яна бир муҳим масала – қонунлар ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш Сенатнинг конституциявий ваколати ҳисобланади.
Айрим ҳолларда қонунларни амалга ошириш механизми бўлмагани уларнинг тўлиқ ишламаслигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, бундай механизм қонуности ҳужжатларида назарда тутилган бўлса-да, уларда ўзаро мувофиқ келмайдиган ҳолатлар мавжуд.
Давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш бевосита Адлия вазирлигининг вазифаси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Адлия вазирлигининг бу борадаги фаолияти парламент назоратининг марказида бўлиши лозим.
Маълумки, парламент фаолиятини сифатли ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлаш мақсадида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилган эди. Ислоҳот талабларидан келиб чиқиб, мазкур институт фаолиятини янада кучайтиришимиз, уни депутат ва сенаторларнинг чинакам кўмакчисига айлантиришимиз лозим. Хусусан, қонун лойиҳаларининг қизғин муҳокамасини ўтказиш ва қабул қилинган қонунларнинг амалиётдаги таъсирчанлигини баҳолаш бўйича институт фаолиятининг самарадорлигини ошириш талаб этилади. Шу боисдан ҳам парламент мазкур институт фаолиятини тубдан такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиши мақсадга мувофиқдир.
Яна бир муҳим масала – хорижий мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришда юқори палатанинг ролини янада кучайтириш лозим.
Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, халқаро алоқаларини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш Сенатнинг муҳим вазифаси бўлиб қолади.
Сенатнинг ушбу йўналишдаги фаолияти самарасини кучайтириш мақсадида ҳар йили аниқ бир мавзуга бағишланган халқаро конференциялар, учрашув ва форумлар ўтказиш учун режалар ишлаб чиқиш ва уларни Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда амалга ошириш лозим. Масалан, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва бошқа долзарб масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадга мувофиқдир.
Сенат хорижий давлатлар билан ҳамкорлик масалаларида ҳар йиллик дастурлар қабул қилиб, ижросини қатъий назоратга олса, бу яхши амалиёт бўлган бўларди. Шу мақсадда Парламент дипломатияси концепциясини қабул қилишни тезлаштириш керак.
Шу билан бирга, Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси билан ўзаро ҳамкорликни аниқ ва узоқ муддатли иш режалари асосида давом эттириш лозим. Бундан ташқари, Олий Мажлис аъзо бўлиши кутилаётган Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси ва бошқа халқаро парламент тузилмалари доирасида ҳам ҳамкорликни кучайтириш керак.
Бу борада бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Маълумки, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчиларини тайинлаш Сенатнинг вазифаси бўлиб, бу жараёнда уларнинг келгуси фаолияти учун белгилаб олган дастурлари эшитилади. Лекин, ундан кейин-чи? Сенат билан элчиларнинг ўзаро алоқаларини ривожлантиришга зарурат борми? Албатта, бор. Шу сабабли Сенатнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги вазифаларини амалга оширишда юқори палатада Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиётини йўлга қўйишимиз керак.
Ҳурматли сенаторлар!
Энди кун тартибига киритилган ташкилий масалага ўтадиган бўлсак, аввало, Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишимиз зарур.
Маълумки, Конституциямизнинг 93-моддасига мувофиқ, Сенат Раислигига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилиши белгилаб қўйилган. Ана шу нормага асосан, кўпчилик, жумладан, тажрибали сенаторлар билан маслаҳатлашиб, чуқур ўйлаган ҳолда, мен Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига сенатор Танзила Камаловна Нарбаева номзодини тақдим этмоқчиман.
Танзила Камаловна сўнгги 30 йилда турли масъул раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. 1995-2010 йилларда Вазирлар Маҳкамасида оналик ва болалик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий муҳофаза масалалари билан шуғулланган. 2010-2016 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси, 2016-2019 йилларда Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида самарали меҳнат қилди. Охирги олти ойда Сенат раиси сифатида катта ишларни амалга оширди.
Танзила Камаловна бошқарув, жамоат ишларида катта тажриба тўплаган малакали раҳбар кадрларимиздан бири, десак, муболаға бўлмайди.
Муҳтарам сенаторлар!
Бугун барчангиз ушбу номзодни тўлиқ қўллаб-қувватлаганингиз ва ўз ҳурматингизни билдирганингиз Танзила Камаловнага катта ишонч ва ғайрат бағишлаши шубҳасиз.
Ҳурматли Танзила Камаловна, Сизга масъулиятли фаолиятингизда янги омадлар ва улкан зафарлар тилайман.
Энди Сенат Раисининг ўринбосарлари лавозимига номзодлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мен бу вазифаларга қуйидаги номзодларни тавсия этмоқчиман.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сенатор Содиқ Солиҳович Сафоев номзодини тавсия этаман.
Бу киши салкам 30 йил давомида ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий масалалар соҳасида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Турли йилларда ташқи ишлар вазири, Ўзбекистоннинг Германия ва АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган. 2005-2016 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси, 2016 йилдан буён эса Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Содиқ Солиҳовични барчангиз моҳир дипломат, халқаро майдонда таниқли жамоат арбоби сифатида яхши танийсиз. Бу раҳбар ҳам ўз зиммасига юклатилган вазифаларни муносиб адо этишига тилакдошман.
Сенат Раиси ўринбосари лавозимига сенатор Муса Тажетдинович Ерниязов номзодини тавсия этаман.
Бу олижаноб инсон, оқсоқолимиз ўз фаолиятини қурилиш соҳасида бошлаб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари лавозимида хизмат қилган. Қорақалпоқ элининг катта ҳурмат ва эҳтиромини қозониб, 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, бир пайтнинг ўзида Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда.
Ўтган йили мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ислоҳотлар жараёнларидаги фидойилиги, ибратли фаолияти учун Муса Тажетдиновичга “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони берилганидан барчангиз хабардорсиз.
Бу кўпни кўрган, тажрибали ва ташаббускор раҳбар, камтарин ва меҳнаткаш инсон билан сенаторлар биргаликда самарали ишлайдилар, деб ишонаман.
Сенат Раиси ўринбосари лавозимига сенатор Зайниддин Маҳаматович Низамходжаев номзодини тавсия этаман.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Зайниддин Маҳаматовични бу ерда ўтирганларнинг ҳаммаси яхши танийди, деб ўйлайман. Узоқ йиллар давомида халқимизнинг сиҳат-саломатлиги, фан, таълим, маданият ва спорт соҳалари тараққиёти йўлида катта ишларни амалга ошириб келмоқда. Бу киши охирги 5 йилда Олий Мажлиснинг тегишли қўмитаси раиси сифатида фаол иш олиб борди.
Зайниддин Маҳаматович янги масъулиятли лавозимда сизлар билан яқин ҳамкорликда муваффақиятли фаолият кўрсатишига ишонаман.
Ҳурматли Сенат аъзолари!
Албатта, ҳозир айтиб ўтилган вазифалар барча сенаторлардан юксак масъулият, ташаббускорлик ва фидойиликни талаб этади. Ушбу вазифаларнинг самарали амалга оширилиши Сенатни келгусида профессионал палатага айлантириш борасида дастлабки муҳим қадам бўлади, деб ишонаман.
Бугун кўпмиллатли халқимиз биз раҳбарлардан, авваламбор, янги сайланган депутат ва сенаторлардан ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этишга қаратилган амалий ишларни кутмоқда. Барчамиз сайловчилар олдида, юртдошларимиз олдида бизга билдирилган юксак ишончга ҳар томонлама муносиб бўлишимиз керак.
Ҳар куни, ҳар соатда виждонимиз олдида ҳисобот бериб, ҳалол-пок бўлиб, эл-юрт манфаатини ўйлаб ишласак, мен аминман, халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади.
Мана шундай эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ва омад тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.